Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 1 |
![]() |
![]() |
![]() |
2 дан 16 сахифа
- «ИЛК МУҲАББАТ» ТЎПЛАМИДАН - (1968) Оқарганда сочлар эслаймиз Сархуш баҳор, куз ўтганини. Кимларнидир рад этганмиз биз, Кимлар бизни рад этганини. ЎЗИМИЗНИНГ БОҒЛАР Дунёнинг қай бурчи, йироқ боғларда, Олмалар қизарар бетиним. Хазонрез хаёллар босган чоғларда, Мен тиниб, Воз кечиб ўйлару ташвишдан Қачондир боғларда ғарқ пишган Қип-қизил олмаларни эслайман. Оҳ, бизнинг боғларга баҳор келган кез, Гўдакдай тез, Тошқиниб гуллади олмаларимиз. Қуёшнинг нурини борича ичиб, Шу қуёш нурича лаззатин кучи Бўлгандир эҳтимол, сезмагандик биз. Тотиб ҳам кўрмадик баъзисин лоқайд. Отдик баъзисини тишлаб бир, икки. Биз беғам, сезмадик, ҳатто қайси пайт Ўча бошлаганин боғларнинг кўки. Ва лекин бу баҳор, беминнат яратар Баҳор, яратувчим, сенга минг қуллуқ. Уфқларда қуёш Ҳеч гап бўлмагандай қип-қизариб ботар, Бағрида олов бор, аммо зарда йўқ. Яратувчим, яна яратар бегумон, Бизнинг кўҳна боғлар шундай гулласинки, Қон рангида қизарсин олмаларимиз. Ранги қонинг қиздириб, қуритсин тинканг. Бунга-ку ишонч бор, кўк майса дийдорин, Куртаклар бўртигин қўмсамайди ким?! Баҳор-ку тўкади аямасдан борин, Аммо, баҳоргача узоқ-да, дўстим. Майли, Боғлар гул очсинлар, безавол, қулф урйб, Улар ўз ватанин буркарлар нурга. Ўзга чаманларнинг гуллашини кўриб, Ўзимизнинг боғлар тушар хотирга. 1967 йил 3 октябрь ЮРАГИМДА БАРГЛАР ШИВИРИ Ўз дунём ичида боғларни яратдим. Сўлиб битдилар. Тафаккур кучидан тоғларни яратдим. Нураб кетдилар. Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим, Барг, хазон. Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим. Дилда қон. Куйдим мен, аммо кул бўлмадим, қайталаб Тупроққа тўкдим мен, манглай тер, дил қоним. Майса, кўк майсалар унда зап, О, жоним! Қийнадинг дейсанми, тўғри-ку, Ўйласанг менда ҳам гунох йўқ, Шу кичик юрагим бўлса қув, Яшасак беғалва, кўнгил тўқ. Бегона ташвишу жабрга, Уйқуда ўтса ҳам умр бир кун Кетмоқ шарт сўнгги уй-қабрга. Шундай, ҳа, маҳкам бўл, сен жоним. Елкага Ҳали кўп юкларни юклармиз, Кўп хазон боғларни тиклармиз, Кўтара олмасмиз юкни гоҳ, Ва ёки туйғумда қулар тоғ. Шунда яна янгидан Тафаккурда тоғлар яратишимиз, Сўлган боғлар ўрнида яшил-яшил, Дарахтлари шовуллаб турган боғлар яратишимиз керак, О, менинг қаттиқ жоним! Ишонаманки, Сен чидаб берасан бу талабларга жим. Юрагимда барглар шивирлаётганга ўхшайди, Демак, Яратилажак безавол боғларимнинг Илк ниҳоллари куртак ёзаяпти, Боғлар гуркираб қад кўтараяпти юрагимда, Барглари яшил-яшил боғлар... 1967 йил 3 октябрь БИЗНИНГ ТОҒДА Тоғ бошида рўмолим қолди, Ўша-ўша тинчим йўқолди. Дуч келади унга қай овчи, Қайси сайёҳ, қайси йўловчи. Тоғ бошида рўмолим колди, Ким бор эди, у этди насиб, Ўтмадими оҳулар босиб. Қолмадими ёмғир остида, Сархуш, тоғнинг баланд-пастида, Ким юрганди, у этди насиб. Кундуз телпак кийган чавандоз, Ҳадик тортмай юрагингни ёз. Отинг нечун гижинглар бу пайт, Рўмолимни сен олдингми, айт? Қундуз телпак кийган чавандоз. Учқур бўлар тоғ йигитлари, Яна рашкчи уларнинг бари, Сен улоқда ўзгил улардан, Бир йигитдай рашк ҳам қиларсан? Учқур бўлар тоғ йигитлари. Огоҳ бўлгил яна бир сирдан, Сен курашга тушарсан қирда, Совриндорни йиқитганинг дам, Отам сенга қилгайдир карам. Сен курашга тушарсан қирда. Шу шартларни бажарсанг, ўғлон, Жайрон кўзга фидо бўлсин жон. Сўнг рўмолим олсанг, майлига. Бизнинг тоғда қолсанг, майлига, Шу шартларни бажарсанг, ўғлон! 1967 йил 22 апрель ДОРИЛАМОН КУНЛАР КЕЛДИ... Онагинам! Дориламон кунлар кулди, шафакдари ол, Қаён боқсанг, шайланишлар ва созлашлар тор. Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол: «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор». Сўлғин-сўлғин лабларингдан учаркан шу сўз, Отагинам хаёлимда ростлай бошлар қад. Дориламон кунларга қайт, онам, юмиб кўз, Ўксик дилда бошланмасин десанг қиёмат. Бу табиат суюмлидир ҳам кўзлари кўр, Гоҳ шаробдан, гоҳ оғудан қилар бизни маст. Белгинангга тиргак бўлай, онажоним, тур, Дориламон қуёшга боқ, унга қасдма-қасд. Юзинг ардоқли қуёшдай иссиқ ва маҳваш. Кўзларингда умид ёнар тикилган они, Қорли кунлар билан кетсин дилингдаги ғаш, Қизғиш, лола ранг қоплайдир бу кун дунёни. Бу дунёнинг қир-дарасин хосияти мўл, Ерни яланг оёқ боссанг яйрайди танинг. Яшамоқ — бир тансиқ таом, унга урсанг қўл, Борган сари очиладир иштаҳанг санинг. Боғлардаги етилгуси ҳар мевали шох, Ризқдир бизга, ризққа доим дил илинжлиқдир. Ўғлонларинг келар, ана, очишиб қучоқ, Ўғлонларинг мева қадар бир ширинликдир. Онагинам! Ўзинг тортма давралардан, эл чорлаганда, «Тирикликнинг байрами», деб созланганда тор. Ўзинг сўлғин лаблар билан пичирлагандай: «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор». 1967 йил 10 декабрь ЖУФТ ШЎХЧАН КЎЗ Ойдин кеча. Юлдуз милдирар, Ойдин кеча. Чарақлар само. Жуфт шўхчан кўз мени ўлдирар, Яна ўзи тирилтирар аммо. Севмасам гар улар боққан тоб, Оғир гуноҳ, кўзга қўнгай гард. Севсам бўлмас ўтига чидаб, Оҳ, ўртоқжон, бу қандайин дард?! У чақнаса менга тинчлик йўқ, У чақнаса дудсиз куяман. Чақнамаса мен ғамга тўлиқ, Чақнамаса қора кияман... Кўкда юлдуз маъсум милдирар, Пастда жуфт кўз мени ўлдирар... 1967 йил 14 декабрь МЕНИ УНГА... Мени унга «бунда бор» деманг, Дийдорингга ташна, зор деманг. Аллақачон келар экан-у, Йўл тўсармиш, ғурур, ор деманг. Майли, бунда мени бор денглар, Қўлларида сайроқ тор денглар. «Севилгандай нигоҳи сирли — У тинч эмас, бир гап бор» денглар. Кўзи қора, қуралай, тенгсиз, Кокиллари бурама, денг Сиз. Шундай ҳурилиқолар ерда Сира ёлғиз юрама, денг Сиз. Шунда ўзи излаб келади, Ҳузуримга бўзлаб келади. 1967 йил 14 декабрь * * * Ўчган ўтни ёндирма қайта, Ёмон, ёмон унинг ёниши. У қизишиб, гурлаган пайтда Мушкул уни ўчирмоқ иши. Илтимосим, қайта ёзма хат, Ўйнатмасин юракни нидо. Биз бир фурсат бўлганмиз улфат, Ва мангуга айтганмиз видо. Айбдор сенми ё мен гуноҳкор, Суриштирмоқ пайтимас, дўстим, Ёз-у, бизнинг дилга чўккан қор, Дил қорини ким кўрибди, ким?! Кўникканман энди барига, Энди мен шод қўшиқ айтаман. Эътиқодим занжирларига Зарб теккизма энди қайтадан. Кеч гуллаган экинлар совуқ Изғиринда бўладир нобуд. Қайта ёқма сен ҳам ўтни, йўқ, Кул қиладир бизларни у ўт. 1967 йил 20 май * * * Сочларимга нигоҳ солмай ўт, Нигоҳингдан ўйга толгайман. Сен тасодиф боқарсан, йигит, Мен сочим-ла боғлаб олгайман. Тасодифдир ва балки ҳавас, Жилмайишу бошинг сараги. Аммо билмайсанки, шу нафас Қўлгинамга тушар юрагинг. Мен ғижимлаб ўйнарман ёмон, Ёндирмаса, қилмас бўлса хун. Мудроқ ҳислар топмасдан омон, Чангалимда сўнадир бир кун. Сочларимга нигоҳ солмай ўт... 1967 йил 20 май ЭНДИ У... Бир ўтда, бир ўтда, оҳ, ёндим, Ва лекин Ҳиссимни яширмоқ истайман. Қадримни оширмоқ истайман. Қандай бахт, инондим, инондим. У мени севади, оҳ, ортиқ Изларим ўпгудай, ўпгудай. Бир нигоҳ қилсам, бас, мен тортиқ Изимдан гўдакдай чопгудай. Чопди у, куйлади сержаранг Мен лоқайд кўрсатдим ўзимни. Асаби тортилди кўп таранг, Гоҳ ёшлар тўлдирди кўзини. «Йигит ҳам йиғларми дунёда», — Тўнимни тескари киярдим... Ва ғурур кундан-кун зиёда, У бўлса куярди, куярди. Шу алфоз ўтаркан кундан-кун, У бир кун «бас» деди барига. Энди мен куярман, оҳ, дилхун, У лоқайд юрагим зорига. Қалқимас кўзида ҳатто мунг, Бу қандай бедодлик ишқдан сўнг?! Энди у... Ҳиссини яширмоқ истайдир, Қадрини оширмоқ истайдир. 1967 йил 12 май БИР ДАҚИҚА Биз учрашиб, ажралишган бир дақиқани — Ўтмиш қори кўмиб кетди, бўлмайди кураб. Фақат хотирга тушганда титрайди таним, Кўзларимдан аччиқ ёшлар кетар тирқираб, Мени эслаб сиз ҳам хомуш тортар эмишсиз, Сезмасин деб кўз ёшингиз артар эмишсиз. Бу ҳам бир бахт, бошқа-бошқа дунёда юриб, Унутилган бахтни қўмсаб, тўксак агар ёш. Йиллар бизнинг қўша изни кетгач супуриб, Йиллар танҳо дилимизни қилиб кўйгач фош, Ёш тўкамиз, бу ёш энди бахтни ёд қилар, У юракдан қон сингари сирқиб томчилар. Бу ҳам бир бахт, бирга бўлсак бизлар, эҳтимол, Агар қисқа бўлмасайди ўшал дақиқа, Бунча оғир бўлмасайди бу дўзахий ҳол, Сиғинмаган бўлардикми бугунгидақа, Сезиб туриб бўлишимиз кўп ўтмай жудо, Бир-бировга олов янглиғ кўриндикми, ё? Ўша куни мен насиҳат қилдим кўп совуқ — «Ранжимангиз, йўлимизнинг айрулиги рост». Аммо бугун бу гапларга ўкинганим йўқ, Вақти-вақти келиб шундай эслайман, холос. Бу эсламоқ тароватли, хароботли зап — Сайроқ қушинг ўз қўлингда жон бергандай гап. Бир дақиқа... Ортда қолган қоп-қора тун бағридаги нур, Барча шукуҳ, азоб учун Сенга ташаккур. 1967 йил 7 октябрь КИЙИКЛАР Биз бир тоғнинг кийиклари Қаттиқлиқда тошлармиз. Чопаркан қоялар сари, Енгил уча бошлармиз. Биз бир тоғнинг кийиклари Тоғ гулидай ёввойи. Кўп гўзалдир уфқдан нари Оқ чўққилар ғаройиб. Биз бир тоғнинг кийиклари Бири қувган бирини. Нондай суйиб ўпгай бари Оёқ қўйган ерини. Биз бир тоғнинг кийиклари Қолмайлик, деб чоҳида — Кетиб сайёҳлардан нари Беркинурмиз гоҳида. Биз бир тоғнинг кийиклари Тоғда бизнинг ризқи рўз. Учсак дилдан ҳасрат арир - Майли қуёш, майли муз. Биз бир тоғнинг кийиклари Тошларда шавқ-оҳимиз. Ғам йўқ, туёқ қорни ёриб, Нурда ёнса шохимиз. 1968 йил 18 февраль КЎНГИЛ, ҚЎЛИН БОҒЛАБ... Кўнгил, қўлин боғлаб одам аҳлини, Банду-банд қилади тағин муҳаббат. Бир кун йўлдан уриб соғлом ақлини, Дардманд қилади тағин муҳаббат. Чироққа уринган парвонасимон — У келса қизғанмай дилимни тутай. Мен ўзим шу дарднинг ҳосиласиман, Майлига, шу дардда дунёдан ўтай. Аждодим ҳаёт деб, ишқ деб очган сўз, Авлодим ҳам ундан ўйларга чўмсин. Шу дард оқибати мен очганман кўз, Сўнг дам тағин шу дард кўзимни юмсин. 1968 йил 18 февраль * * * Қаро кундан дилим тонган, нурдир, тозадир бу ишқ, Кўзларимда ўтдай ёнган ердир, фазодир бу ишқ. Билмам, унинг қўли абад силармикан сочимни — Балки пешонамга битган бало-қазодир бу ишқ. 1968 йил 18 февраль ХОТИРА Қўйиб юбор, ортга тортма, севги эртаги, Мен бу уйдан чиқиб кетай қоқиб этагим. Кулгуларни кулдик, йиғи бўлди йиғланиб. Кетай энди, қўйгин, бироқ қўймас остона, Ҳали мени қийнамоқдан тўймас остона, Оёқларим остонада қолди михланиб... 1968 йил 18 февраль * * * Сиз топмишим, йўқотмишиммас, Сор лочиним, ожиз қушиммас. Сиз дунёда рост деб тутганим — Тутолмаган ёлғон тушиммас. Сизга фидо бўлмоқ истайман, Сиз деб адо бўлмоқ истайман. Аста-аста йўқотмай Сизни, Бирдан жудо бўлмоқ истайман. Таранг тортмоқда симлар, айтинг, — Хаёлларга толсинлар, айтинг. Сиз — жон, олса жоним қийнамай, Бирданига олсинлар, айтинг. Сиз топмишим, йўқотмишиммас... 1967 йил 8 июнь * * * |
Адабиётшунослик
![]() Адабиётда alter ego мотивиЭрнст Амадей Гофман романтизм адабиётига дубликат, инсоннинг al... |
![]() Адабиёт нима учун керак?1. Тарбиявий аҳамияти: Адабиёт инсон қалбини бойитади, унга эзг... |
![]() Ўзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамиятиЎзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамияти қуйидаги жиҳатла... |
![]() Адабиётда композицияАдабиётда композиция — бу бадиий асарнинг тузилиши, яъни асар қ... |
![]() Фильмни таҳлил қила билишФильм таҳлили сценарист таьлимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
![]() Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
![]() Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
![]() Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
![]() Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
![]() Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |